Каттақўрғон шаҳри ҳудуди кенгайтирилади
Шаҳар ўз мақомини ўзгартириб, ўрта шаҳарлардан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилиши режалаштирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Самарканд вилоятидаги Каттақўрғон шаҳри ва унга туташ туманлар — Каттақўрғон ва Нуробод туманлари ҳудудий чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу қарор асосида шаҳар майдони кенгайиб, иқтисодий ва ижтимоий салоҳияти янада оширилиши режалаштирилмоқда.
Қарорга мувофиқ, Каттақўрғон шаҳри таркибига Каттақўрғон туманидан 1 945 гектар, Нуробод туманидан эса 971 гектар ер қўшилади. Бундан ташқари, Нуробод туманининг яна 600 гектар майдони Каттақўрғон тумани тасарруфига ўтказилади. Бу ўзгаришлар шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш ва аҳолига янада қулай яшаш шароитларини яратиш мақсадида амалга оширилмоқда.
Ҳудудий кенгайиш билан бир қаторда, иқтисодий фаолликни оширишга ҳам эътибор қаратилади. Хусусан, 50 гектар ерда "Ургут" эркин иқтисодий зонасининг филиалини ва 30 гектар ерда учта кичик саноат зонаси ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу эса янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳри ўз мақомини ўзгартириб, ўрта шаҳарлардан катта шаҳарлар тоифасига ўтказилиши режалаштирилган. Бу эса келгусида шаҳарнинг инвестицион жозибадорлигини ошириши, ташқи инвесторлар учун янги имкониятлар яратиши мумкин.







