6 ойда самолётда 5 киши вафот этди — “Uzbekistan Airports”
Соғлиғи хавф остида бўлган йўловчиларнинг парвозлари бекор қилинмоқда.

Самолёт бортидаги ўлим ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон аэропортларида соғлиғи хавф остида бўлган фуқароларнинг парвози тўхтатилмоқда.
“Uzbekistan Airports” компанияси тиббий хизматининг маълумотларига кўра, айрим тиббий ҳолатларда фуқароларнинг ҳаво транспортидан фойдаланиши саломатлик учун хавф туғдириши мумкин.
2024 йил давомида 46 нафар йўловчи соғлиғи туфайли парвоздан четлатилган. 2025 йилнинг дастлабки олти ойида эса бу кўрсаткич 61 нафарга етди. Шунингдек, ўтган йили 14 нафар, жорий йилнинг шу кунгача бўлган даврида эса 5 нафар йўловчи самолёт бортида вафот этган.
Парвозга асосий қарши тиббий кўрсатмалар қуйидагилардан иборат:
- Яқинда ўтказилган операциялар;
- Ўткир юрак-қон томир касалликлари (юрак хуружи, стенокардия);
- Инсульт, пневмония, пневмоторакс, бронхиал астма;
- Оғир анемия, қон кетиш, тромбоэмболия;
- Қулоқ, бурун ва кўзларда босимга боғлиқ жароҳатлар;
- Ҳомиладорликнинг кеч босқичлари ва асоратли ҳомиладорлик ҳолатлари.
Фуқаро авиацияси ҳаво кемаларида парвозга тиббий қарши кўрсатмаларга қуйидагилар киради:
- Юқори ҳарорат билан кечувчи ўткир юқумли касалликлар;
- Шок, перитонит, гангрена, ўткир сепсис;
- Юрак, мия, ўпка касалликларининг оғир босқичлари;
- Қон касалликлари, руҳий касалликлар, глаукома, менингит;
- Онкологик касалликлар ва оғир неврологик шикастлар.
Бундай ҳолатларда беморлар фақат санитария авиацияси орқали, тиббиёт ходими кузатувида махсус рухсат асосида ташилиши мумкин. Бунда бемор ёки у билан бирга бўлган шахсдан ёзма мажбурият олинади.
Ҳомиладор аёлларга парвоз учун рухсат этиладиган ҳолатлар:
- 35 ҳафтагача ягона ҳомиладорлик (шифокор тасдиғи билан);
- 32 ҳафтагача икки ва ундан ортиқ ҳомиладорлик;
- 35 ҳафтадан ошган бўлса — фақат тиббий кузатув ва махсус ҳужжатлар асосида.
Барча аэропортларда йўловчилар ва ташриф буюрувчиларга биринчи тиббий ёрдам бепул кўрсатилади. Тиббий пунктлар аэропорт терминали ва унинг атрофида жойлашган бўлиб, парвозга оид маслаҳатлар, зарур ҳолларда шошилинч ёрдам ва кўрик хизматларини кўрсатади.







