Ўзбекистон ёшлари Гиннес рекордини янгилади
“Янги Ўзбекистон” боғида ёшларимиз тарихий ютуққа эришди, дея хабар қилмоқда Zamon.uz мухбири.

18 август куни “Янги Ўзбекистон” боғида ёш муҳандислар тарихий ютуққа эришиб, мамлакатимиз номини илк бор муҳандислик соҳасида Гиннеснинг рекордлар китобига ёздирди. Бу ҳақда Zamon.uz мухбири хабар қилмоқда.
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан сараланган 2 минг нафар ёш муҳандис 25 дақиқа ичида 2 мингта мини-роботни йиғиб, ҳаракатга келтирди. Натижа Бош ҳакам — Бутунжаҳон Гиннес рекордлари ташкилоти вакили Карл Терри Севил томонидан расмий тасдиқланди ва Гиннес сертификати Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қунғратбой Шариповга топширилди.
Мазкур натижа нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда муҳандислик соҳасида қайд этилган илк Гиннес рекорди бўлди. Аввалги кўрсаткич 2023 йилда Ҳиндистонда қайд этилган бўлиб, у ерда 1459 нафар ёш бир вақтнинг ўзида робот ясаган эди. Эндиликда энг йирик муҳандислик миссияси Ўзбекистонда рўй берди.
Тадбирда иштирок этган ёшлардан 1000 нафари ҳудудлардаги олийгоҳлардан, 930 нафари Тошкентдаги олий таълим муассасаларидан, 50 нафари Президент таълим агентлиги тизимидаги мактаблардан, 20 нафари эса имконияти чекланган ёшлар орасидан танлаб олинди. Миссия жараёнида улар бир вақтнинг ўзида давлат мадҳиясини чор бўлиб куйлаш орқали ўзларининг миллий ғурур ва бирдамликларини намоён этдилар.
Ўзбекистон ёшлари томонидан эришилган ушбу рекорд мустақиллигимиз байрами арафасида Ватанга рамзий туҳфа бўлди. Бу ютуқ ёш авлоднинг илм-фан ва технологиялар соҳасида рақобатбардош бўлиб шаклланаётганидан далолат беради.







