General Motors ва Ford ҳарбий техника ишлаб чиқаришга қайтиши мумкин
Бунга сабаб сифатида АҚШнинг қурол-яроғ захиралари камайиб бораётгани кўрсатилмоқда.

АҚШнинг қурол-яроғ захиралари камайиб бораётгани сабабли, Вашингтон Детройтдаги автомобиль ишлаб чиқарувчиларини ҳарбий маҳсулот ишлаб чиқаришга жалб этишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Carscoops нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, тахминан 80 йил аввал Детройтнинг йирик автомобиль компаниялари фуқаролик автомобиллари ишлаб чиқаришни тўхтатиб, бомбардимончи самолётлар, танклар, юк машиналари ва авиадвигателлар ишлаб чиқаришга ўтган эди. Ушбу кенг кўламли ўзгариш туфайли соҳа “Демократия арсенали” деб ном олган.
Эндиликда Эрон билан уруш чўзилаётгани фонида АҚШ ҳукумати Детройтни яна ҳарбий ишлаб чиқаришга қайтишга чақирмоқда.
The Wall Street Journal ёзишича, Пентагон General Motors (GМ), Ford, GE Aerospace ва Oshkosh Corporation компанияларига қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Музокараларда ушбу компанияларнинг юқори лавозимли раҳбарлари иштирок этган.
Расмийлар фақат анъанавий мудофаа пудратчиларига таяниб қолмасдан, йирик ҳажмда ишлаб чиқариш тажрибасига эга компанияларни жалб этиш орқали ракеталар, ўқ-дорилар, дронларга қарши воситалар ва бошқа техникаларни тезроқ ишлаб чиқаришни кўзламоқда.
Бироқ, 1940 йиллардан фарқли ўлароқ, бугунги кунда кроссовер автомобиллар ишлаб чиқаришдан ракета ишлаб чиқаришга ўтиш анча мураккаб жараён бўлиши таъкидланмоқда.








