Қаршида собиқ МФЙ раиси фуқаролар номига қарийб 200 млн сўмлик кредит расмийлаштиргани аниқланди
Собиқ раис ва унинг ўғли олти нафар фуқаронинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг имзоларини сохталаштирган ва онлайн савдо дўконларидан кредит эвазига маиший техника олган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қарши туманидаги “Янги Хонобод” маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси К.Р. ва унинг ўғли И.Н. томонидан фирибгарлик содир этилгани аниқланди.
Маълум бўлишича, улар маҳаллага турли масалалар билан мурожаат қилган олти нафар фуқаронинг паспорт маълумотларидан фойдаланиб, уларнинг имзоларини қалбакилаштирган. Шундан сўнг онлайн савдо дўконлари орқали фуқаролар номига кредит эвазига маиший техникалар харид қилган.
Терговга кўра, харид қилинган техникалар кейинчалик нақд пулга сотилиб, жами 187,4 млн сўмлик кредит маблағлари гумонланувчиларнинг шахсий эҳтиёжлари учун сарфланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 228-моддаси (ҳужжатларни қалбакилаштириш ва улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








