Хайрия пуллари тотализаторга тикилди: Фарғонада ёш йигит ушланди
Йигит ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг маблағларини ўзлаштириш учун фирибгарлик схемасидан фойдаланган.

Фарғона вилоятида 2007 йилда Тошкент шаҳрида туғилган йигит фирибгарлик ва кибержиноят содир этганликда гумонланиб ушланди. У ижтимоий тармоқларда хайрия учун йиғилган маблағларни ўзлаштиргани аниқланган.
Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар давомида гумондорнинг Ўзбекистонда криптоактивлар савдоси билан боғлиқ қонунчилик талабларини мунтазам бузиб келгани ҳам аниқланган.
У ноқонуний муомалага киритган криптоактивларнинг умумий қиймати 408 минг АҚШ долларидан ошган. Бу миллий валютада 4 миллиард 894 миллион 152 минг сўмни ташкил этади.
Суриштирув давомида йигит ижтимоий тармоқларда ёрдам сўраб мурожаат қилган фуқароларнинг маблағларини ўзлаштириш учун фирибгарлик схемасидан фойдалангани аниқланган.
Хусусан, у Instagram'да бемор учун хайрия маблағлари йиғилаётганини кўриб, Тelegram'да блогер номидан сохта аккаунт очган. У бемор номидан маблағ йиғаётган шахсга ёзиб, картага тушган пулларни вақтинча ўз ҳисобига ўтказиб туришни, кейинчалик нақд ҳолатда етказиб беришини айтган.
Шу йўл билан у жабрланувчидан қарийб 43 миллион сўмни ўзлаштирган. Шунингдек, жабрланувчининг таниши бўлган Paynet шохобчаси ходимидан ҳам шу баҳона билан 30 миллион сўмдан ортиқ маблағни ўз картасига ўтказдирган.
Гумондор тергов давомида ўзлаштирилган маблағларнинг бир қисмини онлайн тотализатор ҳисобига ўтказиб, ютқазганини билдирган. Унинг сўзларига кўра, жами 76 миллион сўмни тотализаторда тикиб, бой берган.
Ҳолат юзасидан унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» ва «в» бандлари ҳамда 278¹⁸-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








