Президент Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин билан музокара ўтказди
Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Хитой Раиси Си Цзиньпин билан музокара ўтказди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Хитой етакчисига Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан йўллаган табриги ҳамда Ўзбекистон-Хитой муносабатларини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Томонлар келгуси йилда икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг 35 йиллигини кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклифини илгари сурдилар.

Музокараларда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик, технологик шериклик, транспорт, энергетика, таълим, маданият ва туризм соҳаларидаги алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ўтган йили Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 18 миллиард долларга етган. Томонлар яқин йилларда ушбу кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилашни таклиф қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни, мамлакатдаги қўшма корхоналар сони эса 6 мингдан ортиқни ташкил этаётгани қайд этилди.
Энергетика, кимё, металлургия, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, транспорт ва инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ҳамда юқори технологиялар соҳаларида саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича истиқболли йўналишлар белгиланди.
Томонлар “BYD” компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорликни технологик шерикликнинг муҳим намунаси сифатида қайд этиб, ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режаларини қўллаб-қувватладилар.
Транспорт соҳасида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилиши самарали давом эттирилаётгани таъкидланди.
Учрашувда туризм ва гуманитар алоқаларни кенгайтириш, икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар географияси ва парвозлар сонини ошириш, маданият, таълим ва илм-фан соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, “Хитой–Марказий Осиё” форматидаги минтақавий шерикликни чуқурлаштириш ва келгуси йили Хитойда ўтказиладиган учинчи саммитга тайёргарлик масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этди.








