Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Масқатда музокара ўтказди
Икки давлат раҳбарлари олий даражадаги келишувлар ижроси учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузишга келишиб олди.

Шавкат Мирзиёев ва Ўмон Султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид Масқат шаҳридаги «Ал-Аълам» саройида учрашув ва расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказди.
Суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар сиёсий мулоқот фаоллашгани, товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми ортиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.
Учрашувда савдо, инвестиция, транспорт ва логистика, энергетика, электротехника, кимё, тоғ-кон саноати, шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, космик тадқиқотлар ва рақамлаштириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.
Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш мақсадида Ўзбекистон–Ўмон инвестиция компаниясининг устав капиталини икки баробарга ошириб, 500 миллион долларга етказишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Ўмон маблағлари иштирокида ташкил этилган Марказий Осиё ва Кавказ инвестиция жамғармаси фаолиятини тез фурсатда йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш доирасида маданият ва санъат ҳафталиклари, ёшлар форумини ўтказиш, ноёб қўлёзмаларни рақамлаштириш ва биргаликда тадқиқ қилиш, қадимий шаҳарлар ўртасида биродарлик алоқаларини ўрнатиш таклиф этилди.
Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги анъанавий дўстлик ва ўзаро ишончга асосланган муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтариш бўйича қарор қабул қилди.
Келишувлар ижросини таъминлаш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш ва Мувофиқлаштирувчи кенгаш механизмини йўлга қўйишга келишиб олинди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Ўмон Султонини Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишга таклиф этди.








