Бухорода талаба қизга шаҳвоний шилқимлик қилган тютор қамалди
Талаба қиз судда улар ўртасида аввал ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаганини айтиб, тюторга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.

Бухорода тунда талаба қизга қўнғироқ қилиб, уни оралиқ назоратлардан ўтказиб қўйишини айтган ва шаҳвоний шилқимлик қилган университет тюторига 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Суд ҳужжатларига кўра, ҳодиса 2026 йил 14 август куни соат тахминан 22:00 да Бухоро шаҳридаги университетлардан бирида юз берган. Университетда тютор бўлиб ишловчи А.А. ўзи раҳбарлик қиладиган гуруҳ талабасига қўнғироқ қилган.
Суҳбат давомида тютор талабани оралиқ назоратлардан ўтказиб қўйишини айтиб, унга шаҳвоний шилқимлик қилган. Қиз унинг гапларидан қўрқиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишини билдирган. Шунга қарамай, А.А. қўнғироқ қилишда давом этиб, талабанинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи номақбул сўзларни айтган.
Судда А.А. қилмишини тан олган. У ўша куни маст бўлгани сабабли талабага бундай таклиф билан чиққанини айтган. Шунингдек, қиздан кечирим сўраганини ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини билдирган.
Талаба қиз эса улар ўртасида аввал ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаганини айтиб, тюторга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар суди А.А.ни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси 1-қисмида назарда тутилган шаҳвоний шилқимлик қилиш ҳуқуқбузарлигини содир этган деб топган.
Унга 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.








