907 килограммлик бомбалар: АҚШ Исроилга 2,8 млрд долларлик қурол сотмоқчи
Режалаштирилаётган пакетга қарийб 907 килограммлик 40 мингта бомба киритилиши айтилмоқда.

Дональд Трамп маъмурияти Исроилга умумий қиймати тахминан 2,8 миллиард доллар бўлган йирик қурол-яроғ пакетини сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 15 сентябрь куни The Washington Post АҚШ расмийларига таяниб хабар берди.
Режалаштирилаётган пакетга 2 минг фунтлик, яъни қарийб 907 килограммлик 40 мингта бомба киритилиши айтилмоқда. Шундан 20 минг донаси MK-84, яна 20 минг донаси BLU-117 бомбасидан иборат бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, пакет таркибида яна 20 мингта I-2000 Penetrator жанговар каллаги ҳам бўлиши кўзда тутилган.
Нашр маълумотларига кўра, битимнинг катта қисми АҚШнинг Foreign Military Financing (FMF) дастури орқали молиялаштирилиши мумкин. Ушбу механизм доирасида АҚШ бошқа давлатларга Америка қуролларини сотиб олиш учун молиявий ёрдам тақдим этади.
Режалаштирилаётган келишув аллақачон АҚШ Конгрессининг тегишли қўмиталарига норасмий тарзда маълум қилинган. Бироқ битим ҳали якуний тасдиқланмаган. АҚШ маъмурияти вакили барча хорижий қурол савдолари белгиланган тартибда кўриб чиқилаётганини билдирган.
Мазкур қуроллар аввал ҳам АҚШ ва Исроил ўртасидаги муносабатларда муҳокама марказида бўлиб келган. 2024 йилда Жо Байден маъмурияти Ғазо секторида тинч аҳоли орасида катта талафотлар юз бериши мумкинлигидан хавотир билдириб, 2 минг фунтлик бомбаларнинг бир партиясини етказиб беришни вақтинча тўхтатган эди. Дональд Трамп 2025 йил январь ойида президентлик лавозимига қайтганидан сўнг ушбу чекловни бекор қилган.
The Washington Post маълумотига кўра, агар режалаштирилаётган пакет амалга ошса, у сўнгги йиллардаги 2 минг фунтлик бомбаларнинг энг йирик бир марталик савдоларидан бири бўлиши мумкин.
Reuters хабарига кўра, АҚШ Давлат департаменти ва Исроил элчихонаси битим юзасидан ҳозирча алоҳида изоҳ бермаган.








