Тошкентда йўл ҳақи ошади: янги тарифлар маълум қилинди
1 октябрдан жамоат транспортида йўл ҳақи 47 фоизга ошади.

1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳрида автобус ва метрода йўл ҳақи тарифлари ўзгаради. Карта ёки онлайн тўлов учун амалдаги 1 700 сўмлик тариф 2 500 сўмга оширилади. Нақд пулдаги йўл ҳақи эса 3 000 сўм бўлиб қолади.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг 25 сентябрда қабул қилинган қарорида пойтахт жамоат транспортида йўлкира тарифлари белгиланган.
Қарорга кўра, транспорт карталаридан фойдаланувчилар учун имтиёзли ва бепул тарифлар сақланиб қолади. Жумладан, йўловчи АТТО картаси орқали автобусда йўл ҳақини тўлаб, 60 дақиқа ичида бошқа йўналишга ўтса, иккинчи қатнов учун 1 500 сўм тўлайди. Учинчи ва тўртинчи қатновлар эса шу вақт оралиғида бепул бўлади.
Бир соатлик тариф доирасида метродан бир марта фойдаланиш мумкин. Метродан иккинчи марта фойдаланилганда, 60 дақиқалик ҳисоб даври қайтадан бошланади.
Шунингдек, қатновлар сонига қараб транспорт карталари учун кунлик ва ойлик тарифлар ҳам белгиланган. Автобусда бир кунлик тариф 11 500 сўм, 30 кунлик тариф 250 минг сўмни ташкил этади. Метро учун кунлик тариф 13 500 сўм, ойлик тариф эса 345 минг сўм этиб белгиланган.








