Саудия Арабистони ва Яман ўртасида кескинлик: томонлар бир-бирига зарбалар бермоқда
Саудия Арабистони ҳусийлар назорати остида бўлган Сано шаҳрига зарба берди. Бунга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонининг йирик нефть-газ конига ҳужум қилди.

3–4 октябрь кунлари Саудия Арабистони ва Яманнинг ҳусийлар ҳаракати ўртасидаги қарама-қаршилик янада кескинлашди. Саудия Арабистони Қуролли кучлари Яман пойтахти Сано шаҳрига ҳужум уюштирди. Сано шаҳри айни пайтда ҳусийлар назорати остида ҳисобланади.
Бунга жавобан ҳусийлар Саудия Арабистонининг йирик нефть-газ кони бўлган «Ҳарис»га ҳужум қилган. Шунингдек, Шарқ–Ғарб нефть қувури ҳамда Ар-Риёд шаҳридаги нефтьни қайта ишлаш заводига янги зарбалар берган.
Сунъий йўлдошдан олинган тасвирлар «Ҳарис» конидаги нефть-газ инфратузилмасига зарар етганини тасдиқлаган. Ар-Риёддан олинган янги видеолавҳалар нефтьни қайта ишлаш заводи ёнғин ичида қолганини кўрсатмоқда.
Маълумот учун, Шарқ–Ғарб нефть қувури Саудия Арабистони учун стратегик аҳамиятга эга. Тахминан 1,2 минг километр узунликдаги ушбу тизим мамлакат шарқидаги нефть конларини Қизил денгиз соҳилидаги Янбу порти билан боғлайди. Қувур Саудия нефтини Форс кўрфазидан Ҳурмуз бўғози орқали олиб ўтмасдан экспорт қилиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввалроқ ҳам Яман ҳусийлари Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги «Saudi Aramco» нефть мажмуасига ҳужум уюштирган эди.








