Устюртда янги кон: «Қоратау»дан газ ва конденсат олинди
Эндиликда кондан саноат аҳамиятига эга бўлган табиий газ ва конденсат оқимини олиш мумкин.

Устюрт ҳудудининг марказий қисмида жойлашган Қоратау майдонида амалга оширилган геология-қидирув ишлари натижасида чуқур қуйи юра қатламларида саноат аҳамиятига эга бўлган табиий газ уюмлари аниқланди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Қоратау майдони маъмурий жиҳатдан Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани ҳудудида жойлашган бўлиб, майдонда 1-сонли излов қудуғи 4860 метр чуқурликкача бурғиланган.
3 октябрь куни синаш ишлари жараёнида қуйи юра қатламларидан 3273–3213 метр чуқурлик оралиғидан саноат аҳамиятига эга бўлган табиий газ ва конденсат оқими олинган ҳамда янги газконденсатли Қоратау кони очилишига эришилган.
Режага мувофиқ, жорий йил якунига қадар майдонда 2-сонли излов қудуғини бурғилашни якунлаш ҳамда навбатдаги 3- ва 4-сонли излов-қидирув қудуқларида бурғилаш ишларини бошлаш режалаштирилган.
«Қоратау майдонида эришилган геологик натижа Устюрт регионида чуқур қатламларни ўрганиш бўйича геология-қидирув ишларининг янги истиқболли йўналишларини аниқлаш имконини яратди», дейилади хабарда.








