Flydubai рейсидаги ҳодиса ортида Эрон турган бўлиши мумкин — Трамп
Бироқ АҚШ вице-президенти ҳозирча буни тасдиқловчи маълумот йўқлигини билдирган.

АҚШ президенти Дональд Трамп Flydubai авиакомпаниясининг Дубай–Тел-Авив рейсида юз берган ҳодисага Эрон алоқадор деб ҳисоблашини маълум қилди.
Трамп 5 октябрь куни Оқ уйда журналистларнинг тегишли саволига жавоб берар экан, шахсан ўзи Эронни ҳодисага алоқадор деб ҳисоблашини айтган.
Бироқ АҚШ вице-президенти Ж. Д. Венс аввалроқ бу масала юзасидан ҳозирча аниқ далил кўрмаганини билдирган ва якуний баҳони АҚШ разведка ҳамжамиятига қолдиришини таъкидлаган.
Маълумот учун, 30 сентябрь куни Дубайдан Тел-Авивга учаётган Flydubai FZ1073 рейси бортидаги ҳодиса сабаб Саудия Арабистонининг Табук шаҳридаги аэропортга фавқулодда қўнган. Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳодиса вақтида иккинчи учувчи ва капитан ўртасида низо келиб чиққан ва ҳар икки учувчи жароҳат олган. Самолёт Табукка хавфсиз қўнган, бортдаги йўловчилар ва экипаж аъзоларига ёрдам кўрсатилган.
Ҳодисанинг сабаблари бўйича тергов давом этмоқда. Flydubai ҳам воқеанинг асосий сабаблари расмий текширув доирасида аниқланаётганини билдирган.
Трамп, шунингдек, АҚШнинг Буюк Британиядаги RAF Fairford авиабазасидан барча B-1 стратегик бомбардимончи самолётларининг олиб чиқилишига сабаб бўлган таҳдидлар ҳақида ҳам гапирган.
Унинг айтишича, АҚШ бундай таҳдидни юзага келтирган шахсларни билади ва улар Эрон билан боғлиқ бўлиши мумкин. Трамп таҳдид айнан дрон ҳужуми билан боғлиқ бўлган-бўлмаганини очиқламаган. АҚШ B-1 бомбардимончиларини хавфсизлик хавотирлари сабаб Fairfordдан олиб чиққани расман тасдиқланган.
Шу билан бирга, Эроннинг ушбу воқеаларга алоқадорлиги ҳозирча мустақил равишда тасдиқланмаган. Буюк Британия ва АҚШ томонларида Эрон билан боғлиқлик эҳтимоли тилга олинган бўлса-да, Теҳрон бундай айбловларни рад этган.







