48,5 кг наркотик: Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган юк машинаси ушланди
Божхона постида юк машинаси текширилганда, унинг пол қисми остидан 98 та ўрам яширилган наркотик модда топилди.

Афғонистондан Ўзбекистонга олиб кирилаётган 48,5 кг наркотик модда «Айритом» чегара божхона постида тўхтатиб қолинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ҳарбий хизматчилари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши ўтказилган тадбир давомида Афғонистондан Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган «Mercedes-Benz» русумли юк автомашинаси чуқурлаштирилган тарзда текширилган.
Маълум бўлишича, Термиз туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган фуқаро бошқарувидаги автомашина тиркамасининг пол қисми остига жами 98 та ўрам яширилган.
Текширувда ушбу ўрамлардан 39 кг 86 гр «гашиш» ҳамда 9 кг 498 гр «опий» моддаси топилган. Шу тариқа жами 48 кг 584 гр наркотик модданинг Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишининг олди олинган.
Таъкидланишича, наркотик моддаларни яшириш учун улар дастлаб полиетилен пакетларга солинган, сўнг фольга қоғози ва скотч билан ўралган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов доирасида наркотик моддаларни олиб киришни ташкил қилган шахслар ва уларнинг буюртмачиларини аниқлаш бўйича чоралар кўрилмоқда.








