Жаҳон

Косовода янги президент сайланди: Жустина Широка Пула лавозимни эгаллади

Унинг сайланиши муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилиши эҳтимолини бартараф этиб, мамлакатдаги сиёсий тангликни юмшатди.

Косовода янги президент сайланди: Жустина Широка Пула лавозимни эгаллади

Косово парламенти 73 ёшли Жустина Широка Пулани мамлакат президенти этиб сайлади. У учун 81 нафар депутат овоз берди. Шу тариқа мамлакатда узоқ давом этган сиёсий танглик фонида навбатдан ташқари парламент сайловларини ўтказиш эҳтимолининг олди олинди.

 

Президентлик сайлови парламентдаги кескинлик ва Косово Озодлик армиясининг собиқ етакчиларига чиқарилган ҳукмларга қарши намойишлар фонида ўтказилди. Президентни сайлаш учун белгиланган конституциявий муддат чоршанба куни ярим тунда якунланиши керак эди.

 

Ҳукмрон «Ветевендосже» ҳаракати (ЛВВ) ва мухолифатдаги Косово Демократик партияси (ПДК) Пуланинг номзоди бўйича келишиб олди. У 81 та овоз олиб, президентлик учун талаб этилган учдан икки қисм — 80 овозлик чегарадан бир овоз кўпроқ тўплади.

 

Келишув доирасида томонлар Гаагадаги Косово махсус палаталари фаолиятини тартибга солувчи ҳуқуқий базага ўзгартиришлар киритишга ҳам келишиб олди. Мазкур суд Косово Озодлик армиясининг собиқ етакчиларига қарши ҳарбий жиноятлар бўйича ишларни кўриб чиқади. Намойишчилар ҳам сиёсатчилардан айнан шу масалани ҳал қилишни талаб қилган.

 

Граз университетининг Жануби-Шарқий Европани ўрганиш маркази тадқиқотчиси Доника Эмини Пуланинг сайланишини сиёсий зарурат ва институтларни барқарорлаштириш эҳтиёжининг натижаси деб баҳолаган.

 

Унинг сўзларига кўра, Косовода сайловлардан чарчаш ва сиёсий элитага нисбатан жамоатчилик норозилиги кучайган. Махсус палаталар ҳукмидан кейинги 20 кунлик намойишлар, жумладан, президентлик сайловидан бир кун олдин Приштинада юз берган зўравонликлар фонида навбатдаги сайловни ўтказиш барча сиёсий кучлар учун катта сиёсий харажатга айланиши мумкин эди.

 

Жустина Широка Пула ким?

 

1953 йилда Приштинада туғилган Жустина Широка Пула иқтисодчи, академик ва сиёсатчи сифатида фаолият юритган. У Приштина университетининг иқтисодиёт факультетини тамомлаган, Загребдаги Иқтисодиёт факультетида иқтисодий ривожланиш назарияси ва сиёсати бўйича таҳсил олган. Кейинчалик демографик инвестициялар ва Косовонинг иқтисодий ривожланиши ўртасидаги боғлиқлик бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

 

Широка Пула Приштина университетида узоқ йиллар фаолият юритиб, ассистент-ўқитувчидан профессор даражасигача кўтарилган. У университетнинг менежмент ва информатика кафедрасига ҳам раҳбарлик қилган.

 

2025 йил декабрь ойида Широка Пула Косово Фанлар ва санъат академияси раҳбари этиб сайланган илк аёл бўлган.

 

Унинг сиёсий фаолияти ҳам мавжуд. Широка Пула 2008–2011 йилларда Косовонинг энергетика ва кончилик вазири, 2011–2014 йилларда эса ПДК вакили сифатида парламент депутати бўлиб ишлаган.

 

Шу сабабли экспертлар уни фақат сиёсатга алоқаси бўлмаган академик сифатида баҳоламаслик кераклигини таъкидламоқда. Унинг сиёсий, институционал ва академик тажрибаси турли сиёсий кучлар учун мақбул номзод бўлишига ёрдам берган.

 

Широка Пула Косовонинг учинчи аёл президенти бўлди. Ундан аввал Атифете Жаҳжага ва Вжоса Османи президентлик лавозимини эгаллаган.

 

Президентнинг ваколатлари қандай?

 

Косово президентининг расмий ижро ваколатлари чекланган бўлса-да, лавозим мамлакатнинг сиёсий ва дипломатик ҳаётида муҳим ўрин тутади. Президент Косово номидан мамлакат ичида ва халқаро майдонда вакиллик қилади, давлат институтлари узлуксизлигини таъминлашга кўмаклашади ҳамда сиёсий кучлар ўртасидаги келишмовчиликларда воситачилик қилиши мумкин.

 

Широка Пула президентлик фаолиятини ҳукмрон ЛВВ ва ПДК кўмагида бошлайди. Унинг сиёсий имкониятлари эса Демократик лига (ЛДК) ва бошқа мухолифат кучлари билан муносабатлари, шунингдек, президентлик идорасида шакллантирадиган жамоасига ҳам боғлиқ бўлади.

 

Эксперт Доника Эмини янги президентлик даврида президент, бош вазир ва Ташқи ишлар вазирлиги ўртасида ташқи сиёсатни мувофиқлаштириш кучайишига умид билдирган.

 

Унинг қайд этишича, аввалги президент ва ҳукумат ўртасидаги келишмовчиликлар, жумладан, Косовонинг Европа Кенгашига аъзо бўлиш жараёни каби муҳим масалаларда институтлараро мувофиқлаштиришнинг сустлиги қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатган.

Наркотик контрабандасининг ғайриоддий усули: 4 киши 280 та капсула билан ушланди

Наркотик контрабандасининг ғайриоддий усули: 4 киши 280 та капсула билан ушланди

Гумонланувчилар суд қарори билан ҳибсга олиниб, қамоққа юборилган.

Хитойда жосуслик иши: давлат сирларини сотган амалдор ўлимга ҳукм қилинди

Хитойда жосуслик иши: давлат сирларини сотган амалдор ўлимга ҳукм қилинди

Амалдор хорижий давлатга 100 дан ортиқ маълумот етказган, уларнинг 35 таси давлат сири деб топилган.

Калининград блокадаси хавфи: Россия иккита темирйўл пароми қуради

Калининград блокадаси хавфи: Россия иккита темирйўл пароми қуради

Ушбу чора Калининград вилоятини транспорт блокадасидан ҳимоя қилиш ва унинг узлуксиз таъминотини йўлга қўйиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Тожикистон Халқаро жиноят судидан чиқмоқда: БМТга билдиришнома юборилди

Тожикистон Халқаро жиноят судидан чиқмоқда: БМТга билдиришнома юборилди

Мамлакат 2027 йил ноябридан статут иштирокчиси бўлмайди.

Янги Конституция рад этилса, Пашинян бош вазирликдан кетади

Янги Конституция рад этилса, Пашинян бош вазирликдан кетади

Арманистон бош вазири референдум натижасига қараб истеъфога чиқиши ёки тинчлик жараёнини якунлаш устида ишлашда давом этишини маълум қилди.

Трамп Эрон ҳужумлари кучайганини айтди: барча ракета ва дронлар уриб туширилган

Трамп Эрон ҳужумлари кучайганини айтди: барча ракета ва дронлар уриб туширилган

АҚШ президенти ҳужумлар кучайганини АҚШдаги оралиқ сайловларда демократлар ғалаба қозонгани билан боғлади.

Қирғизистондаги қурилиш объектида ёнғин: икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Қирғизистондаги қурилиш объектида ёнғин: икки нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Яна бир нафар фуқаро эса реанимацияга ётқизилган.

1983 йилги рекорд такрорланиши мумкин: сув тошқини хавфи эълон қилинди

1983 йилги рекорд такрорланиши мумкин: сув тошқини хавфи эълон қилинди

Сан-Франсискода сув сатҳи 262 сантиметргача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.