1983 йилги рекорд такрорланиши мумкин: сув тошқини хавфи эълон қилинди
Сан-Франсискода сув сатҳи 262 сантиметргача кўтарилиши прогноз қилинмоқда.

АҚШнинг Сан-Франсиско шаҳрида 40 йилдан ортиқ вақт ичидаги энг кучли қирғоқбўйи сув тошқинларидан бири юз бериши мумкин. Миллий об-ҳаво хизмати сув сатҳи 1983 йил январида қайд этилган рекорд кўрсаткичга яқинлашиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.
Прогнозларга кўра, сув тошқини хавфи айниқса 24–25 ноябрь кунлари юқори бўлади. Заиф қирғоқбўйи ҳудудларида сув сатҳи 85 сантиметргача кўтарилиши мумкин. Бу айрим йўлларнинг ёпилиши ва инфратузилмага зарар етишига олиб келиши эҳтимоли бор.
Мутахассислар Сан-Франсиско кўрфазидаги сув сатҳи сешанба куни тахминан 256 сантиметрга, чоршанба куни эса 262 сантиметрга етишини кутмоқда. 1983 йилда қайд этилган рекорд кўрсаткич эса қарийб 264 сантиметрни ташкил этади.
Хавфнинг кучайишига сув сатҳининг кўтарилиши, бўрон таъсирида денгиз сатҳининг янада юқорилаши ва денгиз сувининг одатдагидан илиқ бўлиши сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Кучли ёғингарчилик ҳам сув тошқинини кучайтириши мумкин.
Сан-Франсиско мери аҳолини зарур бўлмаган сафарлардан тийилишга чақирди. Шаҳар аэропорти ҳам сув сатҳи кўтарилиши оқибатида хизмат кўрсатишда юзага келиши мумкин бўлган узилишларга тайёргарлик кўрмоқда.








