“Шаҳристон” бекатида метро поезди нега тўхтаб қолди?
Метрополитен поезд носозлиги юзасидан изоҳ берди.

Ижтимоий тармоқларда «Шаҳристон» метро бекатида поезд тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” АЖ маълумот берди.
Қайд этилишича, 7 октябрь куни соат 08:22 да «Шаҳристон» метро бекатида 69-сонли, 1985 йилда ишлаб чиқарилган ҳаракат таркибида техник носозлик юзага келган. Носозлик 6 дақиқа давом этган.
Шундан сўнг йўловчилар поезддан туширилган ва ҳаракат таркиби кўрикдан ўтказиш учун техник кўрик йўлагига олиб кетилган.
Йўловчиларга хизмат кўрсатишда узилишларга йўл қўймаслик мақсадида захира ҳаракат таркиби зудлик билан йўналишга чиқарилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича тегишли техник чоралар кўрилган.








