Қозоғистон орқали Таиланд ва Туркияга олиб чиқилган фуқаролар: халқаро қидирувдаги шахс ушланди
У Туркияда қўлга олиниб, Ўзбекистонга олиб келинган.

Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳамкорлиги натижасида узоқ йиллардан буён халқаро қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси M.X. Туркия ҳудудида аниқланиб, қўлга олинди ва белгиланган тартибда Ўзбекистонга қайтарилди.
M.X. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) ҳамда 223-моддасида (қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган.
Тергов материалларига кўра, у бошқа шахслар билан олдиндан тил бириктириб, фуқароларни алдов йўли билан Қозоғистон орқали Таиланд ва Туркияга олиб чиқиб, уларни фоҳишалик билан шуғулланишга жалб қилганликда айбланмоқда.
Ваколатли органларнинг ҳамкорликдаги тезкор тадбирлари натижасида M.X.нинг Туркиядаги турган жойи аниқланган. Шундан сўнг у қўлга олиниб, Ўзбекистонга қайтарилиши таъминланган.








