Тошкентда аёл туғруқдан сўнг комага тушган: прокуратура суриштирув ўтказмоқда
Аёл ярим йилдан буён оғир аҳволда экани айтилмоқда. Соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилганини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Учтепа туманида ҳомиладор аёл кесарча кесиш амалиётидан сўнг оғир аҳволга тушиб, олти ойдан буён кома ҳолатида экани ҳақида хабарлар тарқалди. Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, М.М. жорий йилнинг 24 апрель куни ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида қорин пасти ва бел соҳасидаги кучли оғриқлардан шикоят қилиб, Тошкент шаҳар 9-сон туманлараро перинатал марказига мурожаат қилган ва туғруқ бўлимига ётқизилган.
Туғруқ жараёнида аёлга перидурал оғриқсизлантириш амалиёти ўтказилган. Шундан сўнг қисқа вақт ичида унинг артериал қон босими кескин пасайган, периферик пульс аниқланмаган ва юрак фаолияти тўхтаган.
Бемор зудлик билан юрак-ўпка реанимациясига олинган. Юрак фаолияти тикланганидан сўнг кесарча кесиш амалиёти бажарилиб, тирик ўғил чақалоқ туғдириб олинган.
Аёлда юқори спинал блок, гипотензия ва гипоксия ривожлангани сабабли у узоқ муддат сунъий ўпка вентиляциясида қолдирилган. 24–27 апрель кунлари 9-сон туманлараро перинатал марказининг жонлантириш бўлимида даволанган бемор кейинчалик реанимобилда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг нейрореанимация бўлимига ўтказилган.
Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси ўтказган хизмат текшируви хулосасига кўра, беморга кўрсатилган тиббий ёрдам амалдаги миллий клиник протоколларга мувофиқ амалга оширилган. Унда юзага келган юқори спинал блок кам учрайдиган анестезиологик асоратлардан бири сифатида баҳоланган.
Шу билан бирга, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳозирда Учтепа туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.








