73,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари 87,2 млрд сўм деб кўрсатилган: бюджет маблағлари талон-торож қилинган
Нурафшондаги қурилишда сохта маълумотлар аниқланган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Зангиота тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Тошкент вилоятида бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.
Маълум қилинишича, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» давлат унитар корхонасининг Тошкент ҳудудий бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти «Сувоқова» давлат унитар корхонаси ўртасидаги шартнома асосида Нурафшон шаҳрида оқова сув тозалаш иншооти қурилмоқда.
Текширувда амалда 73,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари бажарилган бўлса-да, ишлар 87,2 млрд сўмга бажарилгани ҳақида сохта маълумотлар расмийлаштирилгани маълум бўлган. Натижада 13,9 млрд сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








