Сиёсий рақибларни қийноққа солиш: Мадуро ва рафиқасига янги айбловлар қўйилди
Суд жараёни 2027 йил 1 июнга белгиланган.

АҚШда Венесуэланинг собиқ президенти Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силия Флоресга нисбатан янги жиноий айбловлар илгари сурилди. Улар орасида қийноқлар уюштириш учун тил бириктириш, наркотерроризм, АҚШга кокаин олиб кириш билан боғлиқ тил бириктириш ҳамда қуролга оид жиноятлар бор. Бу ҳақда АҚШ Адлия вазирлиги маълум қилди.
Прокуратура айбловларига кўра, Мадуро, Флорес ва Венесуэланинг бошқа юқори мартабали амалдорлари сиёсий рақибларни таъқиб қилиш ҳамда ҳокимиятни сақлаб қолиш мақсадида зўравонлик ва қийноқлардан фойдаланилган тизимни шакллантирган. Идора қийноқларга электр токи билан зарба бериш, бўғиш, жинсий зўравонлик, озиқ-овқат ва сувдан маҳрум қилиш каби усулларни ҳам киритган. Айрим жабрланувчилар АҚШ фуқаролари бўлгани айтилмоқда.
АҚШ Адлия вазирлиги маълумотига кўра, янги айбловлар аввалги наркотик моддалар савдоси ва қурол билан боғлиқ айбловларга қўшимча равишда илгари сурилган.
Мадуро ва Флорес 2026 йил январида Венесуэлада ўтказилган АҚШ операцияси давомида қўлга олиниб, АҚШга олиб кетилган. Улар аввалги айбловлар бўйича айбсиз эканини билдирган.
АҚШ Адлия вазирлиги айбловлар судда исботланиши кераклигини таъкидлаган. Суд ҳукми чиқарилмагунча, Мадуро ва Флорес айбсиз деб ҳисобланади.







