Амударё қуриб боряптими? Вазирлик вазиятга изоҳ берди
Амударёнинг қуриб бораётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда хабарлар пайдо бўлди.

Ижтимоий тармоқларда Амударёнинг қуриб бораётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Сув хўжалиги вазирлиги ушбу хабарларга муносабат билдириб, дарёдаги гидрологик вазият юзасидан маълумот берди.
Амударё Тожикистон ва Афғонистон ҳудудларидаги тоғлардан бошланувчи Панж ва Вахш дарёларининг қўшилишидан ҳосил бўлади. Кофарниҳон дарёси ҳам Амударёнинг йирик ирмоқларидан бири ҳисобланади.
Амударё ҳавзасининг юқори қисмида, Тожикистон ҳудудидаги Вахш дарёсида Норак сув омбори жойлашган. 2026 йил 9 октябрь ҳолатига кўра, сув омборига секундига 408 куб метр сув келиб тушмоқда, ундан чиқарилаётган сув миқдори эса секундига 320 куб метрни ташкил этмоқда. Сув омборидаги жами сув ҳажми 10 миллиард 540 миллион куб метрга тенг.
Амударёнинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келадиган қисмидаги сув сатҳи Термиз гидропостида кузатилади. 9 октябрь куни ушбу гидропостда сув сатҳи 239 сантиметрни ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27 сантиметр юқори.
Шу билан бирга, Керки гидропостида сув сарфи секундига 499 куб метрни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг мос даврига нисбатан секундига 63 куб метрга кам.
Вазирлик қайд этишича, келтирилган гидрологик кўрсаткичлар Амударёда сув оқими сақланиб қолаётганини кўрсатади.
Шунингдек, сентябрь–октябрь ойларида дарёларда сув сарфи ва сатҳининг пасайиши мавсумий гидрологик жараён ҳисобланади. Вегетация мавсуми якунланиши муносабати билан сув омборларида келгуси мавсум эҳтиёжлари учун сув захиралари тўпланмоқда.








