Трамп Учинчи жаҳон урушининг олдини олди — Лукашенко
Беларусь раҳбари Жо Байден АҚШ президенти бўлиб қолганида, НАТО давлатлари ҳам можарога тортилиши мумкинлигини таъкидлади.

Беларусь президенти Александр Лукашенко АҚШ президенти Дональд Трамп Украинадаги можаронинг кенгайишига йўл қўймагани ва шу орқали Учинчи жаҳон урушининг олдини олганини айтди.
У бу ҳақда Франциянинг Le Point журналига берган интервьюсида маълум қилган.
«Дональд Трамп бу урушга жиддий киришди. Одамлар унга қандай қарашидан қатъи назар, у бунга жиддий ёндашади. Гап шундаки, у эскалациянинг олдини олди, Учинчи жаҳон урушининг олдини олди», — деган Лукашенко.
Унинг фикрича, агар Жо Байден АҚШ президенти лавозимида қолганида, можаро янада кенгайиб, НАТО давлатлари ҳам унга тортилган бўлиши мумкин эди.
Беларусь раҳбари, шунингдек, АҚШ Россия музокаралар жараёнини тўхтатаётганини кўрса, аввалги маъмурият давридагидек Украинага пул ва қурол етказиб бериши мумкинлигини айтган. Аксинча, музокараларга Украина президенти Владимир Зеленский тўсқинлик қилаётганини кўрса, Вашингтон унга ёрдам беришни тўхтатиши ва Европа давлатларига босимни кучайтириши мумкинлигини таъкидлаган.
Лукашенконинг қўшимча қилишича, Трамп ҳали можарони ҳал қилиш учун амалга ошириши мумкин бўлган барча ишларни қилмаган.







