Мажбурий никоҳ, зўравонлик: Туркиядаги 17 ёшли қиз Ўзбекистонга қайтарилди
Қиз Туркияга ўқиш баҳонасида олиб борилган.

Туркияга ўқиш баҳонасида олиб борилган 17 ёшли ўзбекистонлик қиз мажбурий никоҳга ундаш, жисмоний зўравонлик ва мажбурий меҳнатга дуч келган. У бу ҳолатлар юзасидан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига мурожаат қилган.
Бош консулхона томонидан адвокатлар жалб этилиб, вояга етмаган қизга консуллик-ҳуқуқий ёрдами кўрсатилган. Шунингдек, унинг Ўзбекистонга қайтиш харажатлари Миграция жамғармаси ҳисобидан қопланган.
Ҳозирда қизнинг хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, уни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик жиҳатдан қўллаб-қувватлаш масалалари тегишли ташкилотлар назоратига олинган.
Миграция агентлиги хорижда зўравонлик, мажбурий меҳнат, таҳқирланиш ёки оғир молиявий вазиятга дуч келган фуқароларни ёрдам сўраб мурожаат қилишга чақирди.
Хориждаги ўзбекистонликлар Миграция агентлигининг 1282 қисқа рақами ёки туну кун ишловчи @huquqiy_yordam_uzbot Тelegram-боти орқали ёрдам олиши мумкин.








