Пекин қариб бормоқда: 2035 йилга келиб аҳолининг учдан бири 60 ёшдан ошади
2025 йил охирида шаҳарда бу ёш гуруҳига мансуб 5,29 миллион киши яшаган.

Beijing Daily нашрининг хабар беришича, 2035 йилга келиб Пекин аҳолиси орасида 60 ёшдан ошганлар улуши 33 фоиздан юқори бўлиши прогноз қилинмоқда. Бу шаҳарни демографик жиҳатдан «супер қариган» метропол мақомига олиб келиши мумкин.
Маълумотларга кўра, 2025 йил охирида Пекинда 60 ёшдан ошган 5,29 миллион киши яшаган. Бу шаҳардаги доимий аҳолининг 24,3 фоизини ташкил этган.
Аҳолининг қариши ортиб бораётган шароитда Пекин маъмурияти кексаларни қўллаб-қувватлаш чораларини кучайтирмоқда. Жумладан, асосий пенсия тўловларини ошириш ва кексаларга хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш режалаштирилган.
Хитойда аҳоли сони 2022 йилдан буён қисқариб, демографик қариш жараёни тезлашмоқда. Бу ҳолат мамлакат иқтисодиётига, жумладан, ички истеъмолнинг ўсиши ва пенсия тизимининг барқарорлигига таъсир кўрсатмоқда.
Reuters ҳисоб-китобларига кўра, Хитой ҳукумати 2026 йилда туғилиш даражасини ошириш дастурларига жами 180 миллиард юань — тахминан 26,92 миллиард доллар сарфлаши кутилмоқда.








