Францияда Шамонда вируси илк бор одамда аниқланди: бемор вафот этди
Бу вирус одамда илк бор аниқланган ҳолат бўлиб, дастлабки маълумотларга кўра, беморга у майда қон сўрувчи ҳашарот чақиши орқали юққан.

Францияда одатда ҳайвонлар орасида тарқаладиган Шамонда вируси илк бор одамда аниқланди. Вирус юқтирган бемор вафот этди. Бироқ мамлакат расмийлари бу алоҳида ҳолат эканини ва вирус одатда одамлар учун хавф туғдирмаслигини билдирди.
BBC хабарига кўра, вафот этган беморнинг иммун тизимида жиддий муаммолар бўлган. Франция соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалиги вазирликлари қўшма баёнотида беморда ўлимидан олдин кузатилган неврологик асоратлар вирусни юқтириш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини қайд этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бемор вирусни майда қон сўрувчи ҳашарот чақиши орқали юқтирган. Воқеа Франциянинг шарқида, вирус ҳайвонлар орасида тарқалган ҳудудда содир бўлган.
Шамонда вируси Африка ва Осиёда бир неча ўн йилдан бери тарқалиб келмоқда. Европада эса у илк бор 2026 йил ёзида аниқланган. Вирус одатда ҳайвонлар орасида қон сўрувчи майда ҳашаротлар орқали юқади.
Франция вазирликлари ушбу ҳолат юзасидан клиник, биологик ва эпидемиологик тадқиқотлар давом этаётганини маълум қилган.
Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) ҳам вазиятни кузатмоқда. Марказ Франция расмийлари ва Европадаги ҳамкорлар билан алоқада бўлиб, ҳолатнинг жамоат саломатлиги учун эҳтимолий оқибатларини ўрганмоқда.







