Қарийб 2 кг гашиш ва 18 минг доллар: Андижонда икки шахс ушланди
Қўлга олиш жараёнида улар тезкор ходимларга қаршилик кўрсатиб, қочишга уринган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Андижон вилояти бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.
Тадбир давомида 1988 ва 1995 йилларда туғилган, Пахтаобод туманида яшовчи икки фуқаро 1 кг 971 грамм «гашиш» моддасини шартли харидорга 18 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Қўлга олиш жараёнида улар тезкор ходимларга фаол қаршилик кўрсатиб, воқеа жойидан қочишга уринган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








