“Малика” бозорида қувлашмачоқ: қидирувдаги эркак қочаётганида машинага урилиб кетди
Фуқаро автомобилга урилганига қарамай, ҳаракатини давом эттирган, бироқ ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

Ижтимоий тармоқларда «Малика» савдо мажмуаси ҳудудида эркакнинг автомобилга урилиб, қочишда давом этгани акс этган видео тарқалди. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 19 октябрь куни соат 15:10 атрофида Шайхонтоҳур туманидаги «Малика» савдо мажмуаси ҳудудида содир бўлган. Тезкор бошқарув марказидан қидирувда бўлган шахс шу ерда эканлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Ходимлар шахсни аниқлаб, уни ушлашга уринган. Бироқ эркак қочишга ҳаракат қилган ва ҳаракатланаётган вақтида BYD автомобилига урилган. Шунга қарамай, у қочишда давом этган. Ички ишлар ходимлари тезкор ҳаракатлари натижасида уни ушлаб, тегишли бўлимга олиб борган.
Қайд этилишича, фуқаро бир неча бор тергов ҳаракатларига чақирилган, бироқ келмагани сабабли унга нисбатан қидирув эълон қилинган ва мажбурий келтириш белгиланган. Ҳозирда унга нисбатан текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қўлга олинган эркак ўз ҳаракатидан пушаймонлигини билдириб, тергов жараёнларида қатнашиш учун чақирилганида вақтида бориши керак бўлганини айтган. Шунингдек, қонун олдида жавоб беришга тайёрлигини билдирган.








