Саудия Арабистонидаги аэропортга навбатдаги ҳужум: бир киши ҳалок бўлди, саккиз киши яраланди
Мамлакат шарқида яна тўртта дрон уриб туширилган.
Саудия Арабистонининг Даммам шаҳрида жойлашган Қирол Фаҳд халқаро аэропортига 21 октябрь, чоршанба куни кечқурун ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда мамлакат Фуқаро авиацияси бош бошқармаси (GACA) маълум қилди.
Идора хабарига кўра, ҳодиса оқибатида Саудия Арабистонида яшовчи хорижий фуқаро ҳалок бўлган, яна саккиз киши турли даражадаги жароҳатлар олган. Жабрланганлар тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага ётқизилган.
Ҳужум натижасида аэропорт мулкига ҳам зарар етган. Айни пайтда зарарни баҳолаш ишлари олиб борилмоқда. Ҳужум қандай амалга оширилгани ва унинг ортида ким тургани ҳақида ҳозирча маълумот берилмаган.
Шу билан бирга, Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматини қўллаб-қувватловчи Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалицияси мамлакат шарқида тўртта дрон ушланиб, йўқ қилинганини билдирган.








