Сайловдан кейинги режа: АҚШ ва Исроил Эронга қарши операцияни кўриб чиқмоқда
Эҳтимолий ҳужумларда ядровий иншоотлар, энергетика инфратузилмаси, ракета ва дрон арсеналлари нишонга олиниши мумкин.

АҚШ ва Исроил ҳарбий идоралари Эронга қарши янги зарбалар бериш режаларини ишлаб чиққан. Бу ҳақда The New York Times нашри манбаларига таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, эҳтимолий нишонлар қаторига Эроннинг ядровий иншоотлари, энергетика инфратузилмаси, ракета ва дрон арсеналлари киради. Шунингдек, Коланг Газ Ла тоғи остида жойлашгани тахмин қилинаётган ядровий иншоот ҳам нишонга олиниши мумкин.
Бироқ, айрим расмийларнинг айтишича, АҚШ президенти Дональд Трамп ёқилғи нархларининг янада ошишидан хавотирланаётгани сабабли Эроннинг нефтни қайта ишлаш заводларига зарба беришдан тийилиши мумкин.
NYT қайд этишича, Трамп ҳозирча сайловлардан кейин ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлаш бўйича якуний қарор қабул қилмаган.
Нашр манбалари янги ҳужумлар аввалги, февралдан апрелгача давом этган АҚШ-Исроил бомбардимон кампаниясидан кўра самаралироқ бўлишига шубҳа билдирмоқда. Аввалги ҳужумлар глобал энергия нархларининг ошиши, инфляциянинг кучайиши ва АҚШнинг тутувчи ракеталар захираси камайишига олиб келгани айтилади.
8 октябрь куни Трамп АҚШ оралиқ Конгресс сайловларидан олдин Эронга зарба бериш ниятида эмаслигини билдирган. У, шунингдек, Эрон билан можаро сайловлар арафасида ёки ундан кейин тез орада якунланиши мумкинлигини бир неча бор таъкидлаган.







