Тўрт йиллик сукунатдан кейин зиддият кучайди: Ар-Риёдда портлашлар эшитилди
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ҳусийлар учирган баллистик ракетани уриб туширган.

Хитойнинг Sinxua ахборот агентлиги хабарига кўра, 23 октябрь куни эрталаб Ар-Риёдда кучли портлашлар содир бўлган. Маҳаллий аҳолига юзага келиши мумкин бўлган хавф ҳақида огоҳлантиришлар берилган.
Reuters Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияга таяниб, Ямандаги ҳусийлар томонидан Ар-Риёд томон учирилган баллистик ракета уриб туширилганини маълум қилди.
Ҳусийлар ва Саудия Арабистони ўртасидаги зиддият август ойида, тўрт йиллик нисбий сукунатдан кейин яна кучайди. Хабарларга кўра, ҳусийлар Қизил денгизда Саудия Арабистони танкерларига ҳужум қилган. Бу эса Ар-Риёд қўллаб-қувватлайдиган Яман ҳукумат кучларининг Сано аэропортига ҳужумига жавоб сифатида кўрилган.
Ҳозирча Ар-Риёддаги портлашлар оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жароҳатланганлар ҳақида маълумот келтирилмаган.








