“Ўзбекистон учун, ўзбеклар учун биров келиб ҳеч нарса қилиб бермайди” — Мирзиёев
Президент Италияда ишлашга тайёрланаётган ҳамширалар билан учрашиб, ёшларни вақтни бой бермасдан касб ва тил ўрганишга ундади.

Президент Шавкат Мирзиёев Италияда ишлаш учун тайёрланаётган ўзбекистонлик ҳамширалар билан мулоқот қилди. Улар январь ойидан Милан шаҳридаги шифохоналарда иш бошлайди.
Давлат раҳбари бугун дунёда, айниқса, Европада ҳамшираларга талаб юқори эканини таъкидлаб, ёшларни вақтни бой бермасдан тил ва касб ўрганишга чақирди.
“Бир кун ҳам вақтингиз бекорга ўтмасин. Шиддат билан ўтаётган замонда фақат бир нарса қутқаради — меҳнатимиз билан ҳурмат қилишга мажбур қилиш”, — деди Президент.
Шавкат Мирзиёев ҳамшираларга хорижда нафақат ишлаш ва малака ошириш, балки ўзбек маданияти, урф-одатлари ва тарихини ҳам танитиш муҳимлигини таъкидлади.








