Терговдаги ёрдам эвазига 100 минг доллар: Фарғонада мансабдор шахс ушланди
Фарғонада Департамент терговчиси пора олганликда гумонланмоқда.

Фарғона вилоятида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Фарғона шаҳар бўлими терговчиси пора олганликда гумонланиб ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ДХХ ходимлари Бош прокуратура Шахсий хавфсизлик бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган.
Тадбир давомида терговчи Жиноят кодексининг 167-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини айбланувчи фойдасига ҳал қилиш, етказилган зарар миқдорини камайтириш ҳамда унга нисбатан эълон қилинган қидирувни бекор қилиш эвазига 100 минг АҚШ доллари миқдорида пора олганликда гумон қилиниб қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








