28 кун комада ётди: Самарқандда тириклайин кўмилган эркак вафот этди
Гумонланувчилар 32 ёшли эркакни аввал арматура билан калтаклаб, сўнг овлоқ жойга олиб бориб кўмишган.

Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида бир гуруҳ шахслар томонидан калтакланиб, овлоқ жойга олиб бориб кўмилган 32 ёшли эркак шифохонада 28 кун комада ётиб, вафот этди.
Маълум қилинишича, Наврўз маҳалласида яшаган эркак таниши билан ошхонадан чиқиб, уйига кетаётганида уларнинг йўлини оқ рангли Spark автомобили тўсиб қолган. Машинадан тушган шахслар унинг бошига арматура билан зарба бера бошлаган.
Воқеа гувоҳининг айтишича, у дўстини ҳимоя қилиш ва ҳужум қилганларнинг қўлидаги арматурани олиб қўйишга уринган. Бироқ гуруҳ аъзолари унга ҳам ташланиб, тошлар билан урган. Кейин эса эркакни машинага мажбуран ўтқазиб олиб кетишган.
Марҳумнинг акасига кўра, укасини маҳалла марказидан тахминан уч километр узоқликдаги, аҳоли яшамайдиган ҳудудга олиб боришган. У ўша ердан оғир аҳволда топилган.
Акасининг айтишича, эркакнинг танасида кўплаб жароҳатлар бўлган, бўйин қисми кўкариб кетган. Уни шифохонага олиб боришганида ўпкасидан уч литрдан ортиқ қон олинган.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи унинг таниб бўлмас даражада жароҳатланганини ва 28 кун комада ётганини билдирган.
Жанжалга нима сабаб бўлгани ҳозирча очиқланмаган. Марҳумнинг акаси оиласи билан ҳужум қилганлар ўртасида аввалдан адоват бўлмаганини айтган. Бироқ ҳодисадан икки кун олдин укаси улар билан жанжаллашиб, ёқалашганини кўрганлар борлигини билдирган.
Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбари Ҳамидулла Сагдуллаевнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан дастлаб Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жабрланувчи вафот этганидан сўнг иш мазкур модданинг 3-қисми «д» банди билан қайта малакаланган.
Айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда вилоят ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








