Терроризм ва экстремизмга қарши кураш: Самарқандда ШҲТ плюс экспертлар мулоқоти ўтказилади
Унда 24 давлатдан 33 та делегация ва 5 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

2026 йил 5–6 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти бўлиб ўтади.
«Рақамли трансформация даврида хавфсизлик: янги технологиялар ривожланишини ҳисобга олган ҳолда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш» мавзусидаги тадбир Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси, генерал-полковник Б. Қурбонов раислигида ўтказилади.
Мазкур форматни ташкил этиш ташаббуси Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йилда ШҲТнинг Остона саммитида илгари сурилган. 2025 йилда Тянтсзинда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида илк экспертлар мулоқотини Самарқандда ўтказиш таклиф қилинган эди.
Учрашувда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчилар ва мулоқот бўйича ҳамкорлар махсус хизматлари раҳбарлари ҳамда вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари ва таклиф этилган меҳмонлар иштирок этади. Дунёнинг 24 давлатидан 33 та делегация ҳамда 5 та халқаро ташкилот вакилларининг келиши кутилмоқда.
Мулоқот давомида илғор технологиялар ва сунъий интеллектнинг замонавий таҳдид ҳамда хавф-хатарларга таъсири муҳокама қилинади.
Тадбир якунида делегациялар раҳбарлари рақамли трансформация даврида халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича ҳамкорликнинг аниқ вазифалари ва устувор йўналишларини белгилаб олишлари кўзда тутилган.








