Дрон орқали аниқланган қонунбузилиш: Бухорода ноқонуний қум-шағал қазиб олиш тўхтатилди
Мутахассислар томонидан табиатга етказилган зарар 8,9 миллиард сўмга баҳоланди.

Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ноқонуний қум-шағал қазиб олиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда вилоят Экология бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Экология бош бошқармаси Экополиция ходимлари дрон ёрдамида ўтказган назорат-рейд тадбирлари давомида «Кўкча» маҳалласи ҳудудидаги яйлов ер майдонида қонунбузилиш ҳолатини аниқлаган.
Ўрганишлар давомида фуқаро Б.Ғ. ўзига тегишли бўлмаган ҳудуддан ноқонуний равишда қум-шағал аралашмасини қазиб олгани маълум бўлган.
Мутахассислар ўтказган ҳисоб-китобларга кўра, мазкур ҳаракатлар оқибатида атроф-муҳитга 8,9 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш, қонуний чора кўриш ҳамда табиатга етказилган зарарни ундириш масаласини ҳал этиш учун Бухоро вилояти прокуратурасига юборилган.








