“Муваффақиятли” операция ҳар доим ҳам пул берилганини англатмайди — Марказий банк
Банкоматлардан пул ечиш билан боғлиқ низоларни холисона кўриб чиқиш бўйича банклар ва тўлов ташкилотларига талаблар эслатилди.

Ўзбекистон Марказий банки банк картасидан маблағ ечилган, бироқ банкомат мижозга нақд пул бермаган ҳолатларни кўриб чиқиш юзасидан тижорат банклари ва тўлов ташкилотларига талабларни эслатди.
Регулятор маълумотига кўра, фуқаролар мурожаатларини ўрганиш жараёнида картадан пул ечилган бўлса-да, банкоматдан нақд пул берилмаган ҳолатлар учрамоқда. Айрим вазиятларда хизмат кўрсатувчи ташкилотлар операция муваффақиятли якунланганини кўрсатувчи техник маълумотларга таянади, бироқ мижозга пул ҳақиқатда берилганини ишончли тасдиқлай олмайди.
Марказий банк таъкидлашича, ахборот тизимида операциянинг «муваффақиятли» деб қайд этилиши хизмат амалда кўрсатилганининг ўз-ўзидан тасдиғи ҳисобланмайди.
Шу муносабат билан тижорат банклари ва тўлов ташкилотлари қуйидаги талабларни бажариши лозим:
банкоматлар ва бошқа ўзига ўзи хизмат кўрсатиш қурилмаларидан фойдаланишда техник ҳамда ички назорат талабларига риоя этиш;
операциялар натижаларини қайд этиш ва зарур маълумотларни сақлаш;
мижозга аниқланган ҳолатлар ҳамда хулоса чиқаришда фойдаланилган маълумотлар кўрсатилган жавоб юбориш;
операция лозим даражада бажарилмагани аниқланса, истеъмолчининг бузилган мулкий ҳуқуқларини қонунчиликка мувофиқ тиклаш.
Шунингдек, Марказий банк хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг мажбурий талабларни бузиши низоли операцияларни холисона аниқлашга тўсқинлик қилган тақдирда, бундай қоидабузарлик оқибатларини истеъмолчи зиммасига юклаш мумкин эмаслигини қайд этди.
Қоидабузарликлар аниқланган ҳолларда Марказий банк томонидан қонунчиликда назарда тутилган назорат таъсири ва жавобгарлик чоралари қўлланилади.








