Тошкент халқаро мулоқот майдонига айланади: БМТ сессияси ўтказилади
Тошкентдаги сессияда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига қарши курашиш, минтақавий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинади.

2026 йил 15–18 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида БМТнинг Яқин ва Ўрта Шарқда гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва у билан боғлиқ масалалар бўйича кичик қўмитасининг 58-сессияси бўлиб ўтади. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Сессияга тайёргарлик ва уни ташкил этиш масалалари Ўзбекистон элчихонаси дипломатларининг БМТ Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси раҳбар органлари котибияти раҳбари Жо Дедейн-Аманн билан учрашувида муҳокама қилинган.
Мазкур кичик қўмита БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари бўйича комиссиясининг минтақавий ёрдамчи органи ҳисобланади. Унинг ташкил этилиши 1973 йилда БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгаши томонидан маъқулланган. Ҳозирда қўмита таркибига Ўзбекистон билан бирга 23 та давлат киради.
Ташкилотнинг асосий вазифалари гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласига қарши курашишда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, маълумот ва тажриба алмашиш ҳамда наркожиноятчиликка қарши келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишдан иборат.
Тошкентдаги сессияда аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Учрашувда минтақадаги долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, трансмиллий таҳдидларга қарши ҳамкорликни кучайтириш ва амалий чора-тадбирларни белгилаш режалаштирилган.
Ўзбекистон учун тадбир мезбонлиги мамлакатнинг халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш борасидаги ҳамкорлигини ривожлантириш, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига қарши курашиш соҳасидаги тажрибаси ва ташаббусларини тақдим этиш имконини беради.
Бу жараён Ўзбекистоннинг 2031 йилда БМТ Жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов масалалари бўйича 16-конгрессига мезбонлик қилишга тайёргарлиги билан ҳам боғлиқ. Мазкур ташаббус 2026 йил 26 сентябрь – 1 октябрь кунлари Абу-Дабида ўтказилган 15-конгресс иштирокчилари томонидан қўллаб-қувватланган ва навбатдаги конгрессни Ўзбекистонда ўтказиш тасдиқланган.








