1000 доллар қарз, 10 минг долларлик тилхат: Тошкент вилоятида гумонланувчи қамоққа олинди
У фуқароларга берган қарзидан 10 баравар кўп пул талаб қилганликда гумонланмоқда.

Тошкент вилоятида фуқароларга қарз бериб, амалда берилган маблағдан 10 баравар кўп сумма кўрсатилган тилхат ёздириш орқали пул ундиришда гумонланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан республика миқёсида ўтказилаётган “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик ойлигининг учинчи босқичи доирасида аниқланган. Гумонланувчи 1978 йилда Олмалиқ шаҳрида туғилган Ким Павел Леонидович экани аниқланган.
Тергов маълумотларига кўра, у фуқароларга ўз ҳисобидан қарз бериб, ҳақиқатда берилган маблағдан 10 баравар кўп сумма кўрсатилган тилхат ёздириб олган. Жумладан, бир фуқарога 1 минг доллар қарз бериб, ундан 10 минг доллар олгани ҳақида тилхат расмийлаштирган.
Орадан маълум вақт ўтгач, гумонланувчи ушбу тилхат асосида фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилган ва пул ундириш ҳақида ҳал қилув қарорлари чиқарилишига эришган. Натижада айрим фуқароларнинг ойлик иш ҳақидан пул ундирилган.
Жиноят иши доирасида гумонланувчининг яшаш хонадони ва иш офиси кўздан кечирилган. Текширув давомида фуқароларга тегишли 100 га яқин тилхат, 55 та уй-жойнинг кадастр ҳужжати, битта пневматик қурол ҳамда Мажбурий ижро бюросининг қарийб 50 нафар фуқародан пул ундиришга оид ҳужжатлари топилган.
Ҳозирга қадар Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармасига мазкур шахсдан жабр кўрганини билдирган 65 нафар фуқаро мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, 188-моддаси 1-қисми ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи процессуал тартибда ушланиб, суд қарори билан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








