11 кишига суд ҳукми чиқарилди: Сурхондарёда 277 та қалбаки “права” йўқ қилинди
Гувоҳномалар суд қарори ижроси доирасида МИБ ходимлари томонидан ёқиб юборилган.

Сурхондарё вилоятининг Ангор туманида жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида сақланган 277 та қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси ёқиб юборилди. Мазкур жиноят иши доирасида 11 нафар шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган.
Маълум қилинишича, Ангор туман судининг ижро варақасига асосан, сохта гувоҳномаларни йўқ қилиш белгиланган.
Суд ҳужжати ижросини таъминлаш мақсадида МИБ туман бўлими томонидан тегишли ижро ҳаракатлари ўтказилган. Жараёнда 277 та қалбаки ҳайдовчилик гувоҳномаси белгиланган тартиб ва хавфсизлик талабларига риоя этилган ҳолда махсус қозонхонада ёқиб йўқ қилинган.








