Ўзига пичоқ уриш билан таҳдид қилди: Бухорода фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
Ички ишлар ходимлари томонидан унинг қўлидаги пичоқни олиб қўйилиб, кўнгилсиз ҳодисанинг олди олинган.

Жорий йилнинг 9 ноябрь куни соат 15:30 атрофида Бухоро шаҳрининг Гулшан маҳалласида хизмат олиб бораётган патруль-пост хизмати инспекторларига номаълум шахс қўлида пичоқ билан юргани ҳақида хабар келиб тушган.
Ходимлар зудлик билан воқеа жойига етиб борганида, қўлида ўткир тиғли жисм тутган ва тажовузкор кайфиятдаги фуқарога дуч келган. Инспекторлар унга яқинлашмоқчи бўлганида, эркак ҳеч кимни яқинлаштирмаслигини, акс ҳолда ўзига пичоқ уришини айтиб таҳдид қилган.
Вазиятнинг жиддийлигини инобатга олган ходимлар фуқарони эҳтиёткорлик билан одамлар камроқ бўлган жойга олиб боришга ҳаракат қилган. Унинг диққатини чалғитиб, қўл жанги усулларидан фойдаланган ҳолда қўлидаги пичоқни олиб қўйишган. Шундан сўнг фуқаро профилактика инспектори хонасига олиб борилган.
Ходимларнинг тезкор ва қатъиятли ҳаракатлари натижасида фуқаронинг ўзи ҳам, атрофдагилар ҳам жароҳат олмаган. Кўнгилсиз ҳодисанинг олди олинган.
Суриштирув давомида ушбу шахс шу маҳаллада яшовчи, 1971 йилда туғилган, вақтинча ишсиз фуқаро экани аниқланган. Ҳозирда у ҳудудий ички ишлар бўлимига топширилган бўлиб, ҳолат юзасидан тегишли профилактик ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.








