50 сотих ер учун 100 минг доллар: Пахтаобод ҳокими ўринбосари ушланди
У ва кадастр идораси мансабдори фуқародан аукцион орқали арзон нархда ер олиб бериш эвазига пул талаб қилган.

Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида ҳоким ўринбосари ва Давлат кадастрлари палатаси туман филиали мансабдори ноқонуний ҳаракатлари учун ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Аниқланишича, улар ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлган фуқаронинг ишончига кирган.
Мансабдорлар туман ҳокимлиги захирасидаги 50 сотих ер майдонини онлайн аукцион орқали арзон нархда фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 100 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда улар талаб қилинган пул маблағининг 30 минг долларини учинчи шахс орқали олаётган вақтида қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» ва «г» бандлари ҳамда 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








