Марказий банк текширувлари натижаси: 6 та банк ва 2 та микромолия ташкилоти жаримага тортилди
Банк назорати қўмитаси томонидан октябрь ойида 43 та масалани кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Марказий банки Банк назорати қўмитаси 2026 йил октябрь ойида ўтказилган йиғилишлар якунида олтита банк ва иккита микромолия ташкилотига нисбатан жарима санкцияларини қўллади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, қўмита октябрь ойида жами олти марта йиғилиш ўтказиб, 43 та масалани кўриб чиққан ва улар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилган.
Кўриб чиқилган масалаларнинг 23 таси рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишига тааллуқли бўлган. Жумладан, кредит ташкилотлари уставларига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини берувчи аудиторлик малака сертификатларини тақдим этиш, микромолия ташкилотларини ҳисоб рўйхатидан ўтказиш ва аккредитация қилиш, тўлов ташкилотларига лицензия бериш масалалари муҳокама қилинган.
Шунингдек, кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушга эгалик қилиш учун рухсат бериш, тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари ҳамда муҳим аҳамиятга эга ходимлар номзодларини кўриб чиқиш билан боғлиқ масалалар ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Йиғилишларда кредит ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолатига оид 20 та масала ҳам кўриб чиқилган. Хусусан, Марказий банк кўрсатмалари ва пруденциал меъёрлар талабларига риоя этилиши, банк ҳамда нобанк кредит ташкилотларида ўтказилган инспекция текширувлари натижалари, шунингдек, молиявий хизматларни “тартибга солиш қумдони” доирасида синовдан ўтказиш масалалари муҳокама қилинган.
Пруденциал нормативлар ва қонунчилик талабларига риоя қилмагани, шунингдек, инспекция текширувлари давомида аниқланган қоидабузарликлар учун олтита банк ва иккита микромолия ташкилотига жарима санкциялари қўлланилган.
Бундан ташқари, яна битта банк ва битта микромолия ташкилоти келгусида уларга нисбатан чора ва санкциялар қўлланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.








