“Россия Абу-Дабидаги музокараларда эгаллаган ҳудудлари ҳақида нотўғри маълумот берди” — Зеленский
Украина президенти Россия делегацияси Донбасснинг Киев назоратида қолаётган ҳудудларини ҳам босиб олинган деб даъво қилганини айтди.

Украина президенти Володимир Зеленский Россия делегацияси Абу-Дабидаги музокараларда эгалланган ҳудудлар майдонини бўрттириб кўрсатганини билдирди. Унинг айтишича, Россия вакиллари Донбасснинг Украина назоратида қолаётган қисмини ҳам босиб олинган деб таъкидлаган. Зеленский бу ҳақда Данияда журналистлар саволларига жавоб берар экан маълум қилди.
“Россияликлар Донбасснинг аслида ҳамон бизнинг назоратимизда бўлган ярмини аллақачон эгаллаганини айтишди. Бу ҳақда ҳарбий офицерлар ва Россия разведкаси вакиллари жиддий гапиришди”, — деди Украина президенти.
Унинг сўзларига кўра, Украина делегацияси бунга жавобан мазкур ҳудудлар Россия томонидан эгалланмаганини тасдиқловчи видеоёзувлар, фотосуратлар ва бошқа далилларни тақдим этиш имконияти борлигини билдирган.
Зеленский бу ҳолат Россия президенти Владимир Путин “бошқа воқеликда яшаётгани”ни кўрсатишини таъкидлади. Унинг фикрича, Путин АҚШ вакилларига Украинанинг шарқий қисмини тўлиқ эгаллаш учун яна бир-икки ой кераклигини айтиши мумкин.
Икки кун давом этган Абу-Даби музокаралари якунида АҚШ президентининг махсус вакили Жаред Кушнер Россия ва Украина ўртасидаги мулоқотда ҳудудий масала энг мураккаб мавзу бўлганини айтди.
“РБК-Украина” нашрининг ёзишича, Россия делегацияси музокараларда хавфсизлик кафолатлари бўйича ҳам ўз талабларини илгари сурган. Улар орасида НАТОнинг кейинги кенгайишидан воз кечиш, 1997 йилдан кейин альянсга қўшилган мамлакатларда иттифоқчи давлатлар ҳарбий иштирокини қисқартириш ҳамда НАТОга аъзо бўлмаган постсовет давлатлари, жумладан, Украина билан ҳарбий ҳамкорликни чеклаш талаблари бор.








