“Машҳурликка эришмоқчи эдик”: тўйда юк машиналаридан кортеж тузган ҳайдовчилар жазоланди
Шунингдек, ҳайдовчилар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.

Сирдарё вилоятининг Гулистон туманида тўй маросими вақтида юк машиналаридан иборат кортеж ташкил этиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 12 ноябрь куни Гулистон туманида бўлиб ўтган тўй маросимида бир нечта юк автомобили ҳайдовчилари гуруҳ бўлиб ҳаракатланган. Ушбу ҳолат акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда тарқалиб, муҳокамаларга сабаб бўлган.
Сирдарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан ўтказилган суриштирувлар натижасида қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 129-моддаси биринчи қисми асосида маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Шунингдек, улар билан профилактик тушунтириш ишлари олиб борилган.
Ҳайдовчилардан бири яқин дўстининг тўйида юк машиналаридан кортеж ташкил қилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, улар машҳурликка эришиш мақсадида шундай ҳаракат қилган, бироқ бу иш қонунга хилоф эканини билмаган.
Ҳайдовчи ички ишлар ходимлари томонидан чақирилиб, тушунтириш берилгани ва қонуний чора кўрилганини билдирган. Шунингдек, бошқа ҳайдовчиларни йўл ҳаракати қоидаларига амал қилишга чақирган.








