Руҳий касалликлар ва гиёҳвандлик: Тошкентда 9 ойлик кўрсаткичлар очиқланди
Наркологик касалликлар бўйича ҳисобда турувчилар сони 2025 йил 1 октябрга нисбатан 593 нафарга ошди.

Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида руҳий касалликлар бўйича янги ҳисобга олинганлар сони 2 665 нафарни ташкил этган. Бу кўрсаткич 2025 йилнинг шу даврида 2 396 нафар бўлган.
Янги ҳисобга олинганларнинг 1 203 нафари катталар, 143 нафари ўсмирлар ва 1 321 нафари болалардир. Айни пайтда пойтахтда жами 23 377 нафар фуқаро руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туради. Ҳисобот даврида 6 188 нафар бемор шифохона шароитида даволанган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида наркологик касалликлар бўйича ҳисобда турганлар сони 7 460 нафарга етган. Уларнинг 608 нафари аёллардир. 2025 йил 1 октябрь ҳолатида бу кўрсаткич 6 867 нафарни ташкил этган.
Наркологик ҳисобда турганларнинг 3 885 нафари алкоголга қарамлик, 3 215 нафари гиёҳвандлик, 36 нафари эса заҳарвандлик билан боғлиқ ҳолатлар бўйича рўйхатга олинган.
Бирламчи касалланиш кўрсаткичлари ҳам айрим йўналишларда ошган. Хусусан, 100 минг аҳолига нисбатан гиёҳвандлик бўйича кўрсаткич 21,1 ни ташкил этиб, 2025 йилдаги 17,5 дан юқори бўлган. Заҳарвандлик бўйича бу кўрсаткич 2,1 га етган, ўтган йили эса 1,4 бўлган. Алкоголга қарамлик бўйича бирламчи касалланиш кўрсаткичи 5,1 ни ташкил этган.
Бундан ташқари, 2026 йилнинг тўққиз ойида Тошкент шаҳрида еттита скрининг дастури доирасида 3 231 643 нафар аҳоли тиббий текширувдан ўтказилган. Ўртача қамров 90,5 фоизни ташкил этган ва 29 763 нафар фуқарода касалликлар эрта аниқланган.








