“Камера орқали уч кунда топилдим”: сохта авторақам таққан ҳайдовчилар ушланди
Айрим фуқаролар сохта авторақамларни хориждан ижтимоий тармоқлар орқали буюртма қилгани, бошқалари эса танишларидан сотиб олганини билдирган.

Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида, шунингдек, Наманган халқаро аэропортида сохта давлат рақам белгиларидан фойдаланган ва уларни олиб кирган шахслар аниқланди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 ноябрь куни Наманган халқаро аэропортида Москва–Наманган йўналиши бўйича учиб келган, Косонсой туманида яшовчи 1984 йилда туғилган фуқаронинг юк сумкаси холислар иштирокида кўздан кечирилган. Текширувда тегишли ҳужжатлари бўлмаган ва давлат рўйхатидан ўтказилмаган сохта авторақам белгилари топилган.
Бундан ташқари, Фарғона, Марғилон ва Қўқон шаҳарларида бир нечта автомобилга ўрнатилган давлат рақам белгиларининг қалбакилиги аниқланган. Суриштирувда айрим фуқаролар сохта рақамларни хорижий давлатлардан ижтимоий тармоқлар орқали буюртма қилгани, бошқалари эса танишларидан сотиб олганини билдирган.
Барча ҳолатлар расмийлаштирилиб, сохта давлат рақам белгилари ашёвий далил сифатида олиб қўйилган. Қоидабузарлардан бири юз тузилишини аниқлаш камералари орқали уч кун ичида топилганини айтиб, қилмишидан пушаймонлигини билдирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 227-1-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ушбу модда бўйича айбдор деб топилган шахсга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима, уч йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Агар қилмиш мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, жазо БҲМнинг 100 бараваридан 150 бараваригача жарима ёки беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилишни назарда тутади.








