“Омад шоу” ва “Солиқ” номидан фирибгарлик: Тошкентда икки кибержиноятчи ушланди
Улар зарарли APK файллари ва фишинг ҳаволалари орқали фуқароларнинг шахсий ҳамда банк маълумотларини қўлга киритганликда гумонланмоқда.

Тошкент шаҳрида зарарли APK файллари ва фишинг ҳаволаларини яратиш, шунингдек, қонунга хилоф равишда криптоактивлар айланмаси билан шуғулланишда гумонланган икки шахс аниқланди. Бу ҳақда «Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Ички ишлар органлари ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида маълум бўлди.
Тошкент шаҳар ИИББ Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан аниқланган биринчи шахснинг хонадонидаги компьютер ва телефон қурилмалари текширилган. Натижада у Telegram фойдаланувчиларига зарарли APK файллари ҳамда фишинг ҳаволаларини юбориб келгани маълум бўлган.
Ушбу файллар орқали фуқароларнинг шахсий маълумотлари, телефон рақамлари ва банк карталарига оид маълумотлар қўлга киритилган. Шунингдек, гумонланувчи «Омад шоу» ва «Солиқ» логотипларидан фойдаланиб, фуқароларнинг Telegram аккаунтларини эгаллашга қаратилган сохта ҳаволаларни тарқатган.
Текширувда унинг жами 2 795,13 USDT, яъни қарийб 33,4 миллион сўмлик криптоактивларни қабул қилиб, кейинчалик бошқа банк карталарига ўтказгани аниқланган.
Яна бир фуқаронинг iPhone 15 Pro Max русумли телефони текширилганда, у ҳам яширин интернет сайтлари орқали зарарли APK файлларини яратиш билан шуғуллангани маълум бўлган. Электрон маълумотлар таҳлилида жами 12 та транзакция қайд этилган. Уларнинг умумий айланмаси 4 202 USDT ёки қарийб 50,2 миллион сўмни ташкил этган.
Барча қурилмалар ва электрон маълумотлар холислар иштирокида белгиланган процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчиларнинг ҳаракатларидан Ўзбекистон ҳудудида минглаб фуқаролар жабрланган бўлиши мумкин.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳар икки шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-6-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Уларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.








