Радарлар тезликни ошириб кўрсатяптими? Ўзбекистонда қурилмалар текширилмоқда
Ижтимоий тармоқларда радарларнинг тезликни нотўғри қайд этаётгани ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Ижтимоий тармоқларда айрим радарлар ҳайдовчиларнинг тезлигини амалдаги кўрсаткичдан юқори қайд этаётгани ва ноқонуний ишлаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш, йўл ҳаракати қоидалари ижросида қонунийлик ва адолатни таъминлаш мақсадида республика бўйлаб ўрнатилган барча фото-видео қайд этиш қурилмалари ҳамда радарлар фаолиятини текширмоқда.
Хизмат маълумотига кўра, текширувлар махсус жиҳозланган автомобиллар ёрдамида амалга оширилмоқда. Жараёнда радарларнинг белгиланган техник талабларга мувофиқлиги, тезликни қайд этиш аниқлиги ва қонуний фаолият юритиши назорат қилинади.
Шунингдек, қурилмаларнинг узлуксиз, соз ва аниқ ишлаши
ни таъминлаш мақсадида улар Ўзбекистон миллий метрология институти мутахассислари томонидан мунтазам метрологик текширув ва синовлардан ўтказиб келинмоқда.
Аниқланган камчиликлар ёки қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан масъул шахсларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши билдирилган.








